Зафаробод туманидаги 30-сон жазони ижро этиш манзил-колониясидан қочган икки маҳкум бир кундан кейин Андижон вилоятининг чегара ҳудудларидан бирида ушланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Осиё тараққиёт банки Ховосда кўп функцияли жамоат марказига эга истироҳат боғи, Хивада рақамли музейга эга ташриф буюрувчилар маркази, Жиззахда сув тармоқларини ривожлантириш ва тўртта шаҳарда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини яхшилаш учун $59 млн долларлик кредит ажратди.
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида Рўзибой Маматов кичиги 30 кг, каттаси 65 кглик гигант ошқовоқларни етиштирди. «Газета.uz» мухбирлари Миролим Исажонов ва Мадина Аъзам деҳқоннинг томорқасидан фоторепортаж тайёрлади.
Жиззах вилоятида ўрмон нозири 14 дона терак ва қайрағоч дарахтлари ноқонуний кесилгани ҳолати юзасидан жарима қўлламаслик эвазига 3 млн сўм пора талаб қилганликда гумонланяпти. Унга нисбатан жиноят иши очилди.
Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида 3 ёшли қизалоқ қариндоши томонидан калтаклаши оқибатида вафот этди. Прокуратура жиноят иши қўзғатди, гумонланувчи аёл ҳибсга олинди.
Жиззах вилоятида «Huaxin» ўзбек-хитой қўшма корхонасида механизатор бўлиб ишловчи хитойлик фуқароси Ман Минг заводда кучукка шавқатсиз муносабатда бўлгани аниқланди. Зафаробод туман ИИБ уни маъмурий жаримага тортди.
USAID туберкулёзга қарши курашда ёрдам бериш учун Жиззах вилоятидаги тиббиёт муассасаларига қарийб $75 минглик асбоб-ускуналар топширди. Илгари бошқа вилоятларга ҳам худди шундай жиҳозлар берилганди.
Тармоқларда Баҳмал туманида икки нафар шахс учта бўри боласини сотиш бўйича эълон бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Жиззах Экология бошқармаси ходимлари бўри болаларини уларнинг машинасидан топди. Ҳуқуқбузарлар эса жаримага тортилди. Бўри болаларини экологлар парваришламоқда, улар яқин фурсатларда табиат қўйнига қайтарилади.
Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Равшан Ибрагимов Эгизбулоқдаги селга аввалига дўл, унинг ортидан кучли ёмғир ёғгани сабаб бўлганини маълум қилди. Маҳаллий аҳоли эса тоғда «Huaxin» цемент заводи карьер учун йўл қурган ва сой йўлида дамба ҳосил қилган деган фикрда. «Газета.uz» ушбу масала юзасидан суриштирув олиб борди.
Жиззахдаги селдан талофат кўрган уйлардан бирининг эгаси Исроил Алиев «Газета.uz»га сел қандай келгани ҳақида сўзлаб берди. «Уйдан эшикни очиб қарасам, олдимда 2 метр баландликдаги сув турганини кўрдим. Сув пасайгунча шундай жон сақлаб турдик», — деди у. Фавқулодда вазиятлар вазири хотини ва боласини қутқариб қолган Исроилни «қаҳрамон» деб атади. Исроил Алиевнинг сўзларига кўра, ҳокимият вакиллари уйсиз қолган аҳолига 3 хонали уй қуриб беришини айтган.
20 апрель куни Жиззахда сел ва сув тошқинларидан энг кўп зарар кўрган Эгизбулоқ маҳалласида 5 киши, шу жумладан икки нафар ёш бола ҳалок бўлди. Бундан ташқари, 53 та хонадон тўлиқ талофат кўрди. 25 та уйда яшовчи 100 дан ортиқ фуқаро вақтинча бошқа жойга кўчирилди. Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ва Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев воқеа жойида бўлиб турибди. Тафсилотлар «Газета.uz» фоторепортажида.
20 апрель куни Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 1,5 соатда бир ойлик миқдорда ёмғир ёғиши оқибатида сел оқимлари ва тошқин сувлари юзага келди. Натижада ҳар икки вилоятда жами 364 та уй-жой, 6 та мактаб ва 2 та МТМнинг ертўла ва ҳовлиларигага сув кирган. 26 та хўжалик турли даражада талофат кўрди. 6 киши қутқарилди, 100 дан зиёд аҳоли эвакуация қилинди.
Зомин туманида «KIA K5» ва «Nexia-2» автомашиналари тўқнашиши оқибатида ЙТҲ содир бўлган. ЙТҲ оқибатида 2 киши воқеа жойида, яна 6 киши шифохонада вафот этган. Бундан ташқари, ҳозирда «KIA K5» ҳайдовчиси оғир аҳволда экани айтилди.
Жиззах вилоятида фуқарони Туркия, Италия ёки Мексика орқали АҚШга олиб ўтиш ва ишга жойлаштиришни ваъда қилган шахс 20 минг доллар олганида ушлангани айтилмоқда. Фарғона вилоятида эса фуқарони Кореяга ишга жўнатишга ваъда қилганликда гумонланган шахс қўлга олинган.
Жиззах давлат педагогика институтининг таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи факультетлардан бирида аниқланган камчиликлар деканга салбий таъсир қилмаслиги ва уни лавозимида қолишини таъминлаш эвазига 100 минг доллар олганида қўлга тушгани айтилмоқда. Унга нисбатан жиноят иши очилди.
Президент душанба куни Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳамда пойтахтда автомобиль йўлларини таъмирлашга оид лойиҳалар билан танишди. Унга кўра, «Тошкент-Чиноз» автомобиль йўлининг 10 км қисмини таъмирлаб, 5 дона ерости ўтиш йўлагини бунёд этиш, Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида 210 метрли йўл ўтказгич барпо этиш, қолаверса, Тошкентдаги Темур Малик кўчасини 6 тасмали этиб қайта қуриш режалаштирилмоқда.
ДХХ Бекобод шаҳар ҳокимлигининг бош мутахассисини мактабгача таълим муассасаси биносини хусусийлаштириш ва шаҳар ҳудудидан 1 гектар ер майдони олиб бериш эвазига 128 минг доллар олган вақтида ушлади. Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳам ноқонуний ер сотиш ҳолатлари аниқланди.
Янги йил муносабати билан 5 кун дам оладиган ўзбекистонликлар, ижтимоий тармоқлар ҳақида фикр билдирган Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Русланбек Давлетов, 4 та автомобилга ариза қабул қилишни февралгача тўхтатган UzAuto Motors, кўчаларини сув босган Наманган, ҳокимга савол бермаслик ҳақида огоҳлантирилган жиззахлик депутатлар, PayPal тизими жорий этилишига умид билдирган Шерзод Шерматов ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 20 декабрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Жиззахлик депутатлар вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг мурожаатномасида савол бермаслиги, қолаверса, телефон билан киритилмаслиги ҳақида огоҳлантирилгани айтилмоқда. Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу ташаббус кенгаш котибияти мудири ташаббуси эканлигини маълум қилди. Жиззах вилояти ҳокимияти муносабат билдирди.
Тошкент давлат теника университетига ўқишга киритиб қўйишга, ўқишни Қибрайдаги Халқаро молия ва технологиялар хусусий институтига кўчиришга ваъда қилган шахслар қўлга тушди. Уларга нисбатан фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят иши очилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг